Jamiyatning ustavi

Qo’shimcha ma`lumot uchun qarang: Jamiyatning ustaviga o’zgartirishlar (26.05.2015)

ustav title

1-МОДДА.

ЖАМИЯТНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАВҚЕИ, ФИРМА НОМИ, ЖОЙЛАШГАН ЕРИ ВА ЭЛЕКТРОН ПОЧТА МАНЗИЛИ

1.1. Жамиятнинг давлат тилидаги тўлиқ фирма номи:

«NEFT VA GAZ KONLARI GEOLOGIYASI HAMDA QIDIRUVI INSTITUTI» aksiyadorlik jamiyati;

Жамиятнинг давлат тилидаги қисқартирилган фирма номи:

«N va GKGHQI» AJ;

Жамиятнинг рус тилидаги тўлиқ фирма номи:

акционерное общество «ИНСТИТУТ ГЕОЛОГИИ И РАЗВЕДКИ НЕФТЯНЫХ И ГАЗОВЫХ МЕСТОРОЖДЕНИЙ»;

Жамиятнинг рус тилидаги қисқартирилган фирма номи:

АО «ИГИРНИГМ»;

Жамиятнинг инглиз тилидаги тўлиқ фирма номи:

Joint-Stock Company «INSTITUTE OF GEOLOGY AND RESEARCH PROSPECTING FOR OIL AND GAS DEPOSITS»;

Жамиятнинг инглиз тилидаги қисқартирилган фирма номи:

JSC «INSTITUTE OF GEOLOGY AND RESEARCH PROSPECTING FOR OIL AND GAS DEPOSITS».

1.2. Бундан буён матнда “жамият” дебаталувчи «NEFT VA GAZ KONLARI GEOLOGIYASI HAMDA QIDIRUVI INSTITUTI» aksiyadorlik jamiyati-нинг жойлашган ери ва почта манзили: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчаси, 114 уй, почта индекси: 100059.

Жамиятнинг электрон почта манзили: Bu elektron manzil spamlardan ximoyalangan. Uni kurish uchun JavaScript ni ishga tushirishingiz kerak..

1.3. Жамият Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармасининг нефт ва газ конлари геологияси хамда қидируви институтини акциядорлик жамиятига айлантириш тўғрисидаги 1998 йил 21 майдаги 192 пп-р - сонли фармойишига асосан ташкил этилган.

1.4. Жамият юридик шахс бўлиб, у ўз мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкка, шу жумладан ўзининг устав фондига (устав капиталига) берилган мол-мулкка эга бўлади, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ҳамда амалга ошириши, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

1.5. Жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юридик шахс мақомига эга бўлади.

1.6. Жамият фаолият кўрсатиш муддати чекланмаган ҳолда ташкил этилади.

1.7. Жамият Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида банк ҳисобварақлари очишга ҳақлидир.

1.8. Жамият ўзининг фирма номи давлат тилида тўлиқ ёзилган ҳамда жойлашган манзили кўрсатилган думалоқ муҳрга эга бўлиши лозим. Муҳрда бир вақтнинг ўзида фирманинг номи бошқа исталган тилда ҳам кўрсатилиши мумкин.

1.9. Жамият ўзининг номи ёзилган штамп ва бланкаларга, ўз тимсолига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар белгисига ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарларнинг, ишларнинг ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи бошқа воситаларга эга бўлишга ҳақли.

1.10. Жамиятнинг манзили у давлат рўйхатидан ўтказилган жойга кўра белгиланади.

2-МОДДА.

ЖАМИЯТ ФАОЛИЯТИНИНГ СОҲАСИ (АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ) ВА МАҚСАДИ

2.1. Жамият ташкил этишдаги асосий мақсад — фойда олишдир.

2.2. Жамият қуйидаги асосий фаолият турларини амалга оширади:

  • Ўзбекистон Республикаси ва ўзга ҳудудларда нефтгазлиликни башоратлаш ҳамда нефт ва газ бўйича геологик - разведка ишларини (ГРИ) ўтказиш учун ер қаърининг геологик тузилишини комплекс илмий тадқиқотлар билан ўрганиш, ҳар хил ГРИ бажариш усулларини такомиллаштириш;
  • ГРИ маълумотларига ишлов бериш ва талқин қилиш;
  • тажрибавий-аналитик ишларни бажариш;
  • турли геофизик тадқиқотларни бажариш;
  • углеводород захиралари мониторингини ўтказиш, ҳисоблаш, қайта ҳисоблаш, Ўзбекистон Республикасининг фойдали қазилмалари (нефт, ёнувчи газлар, конденсат, ҳамроҳ компонентлар) Давлат балансини олиб бориш, нефт ва газ конларининг реестрини тузиш;
  • излов ва қилирув бурғилаш ишларини олиб бориш учун геологик лойиҳаларни тузиш;
  • нефт ва газ бўйича бажариладиган ГРИ ни геологик-иқтисодий асослаш;
  • инвесторлар учун нефтгазли майдонлар бўйича ахборот-аналитик, геологик-геофизик маълумотларни тайерлаш;
  • қудуқлар қурилиши ва улардаги геофизик ишлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини тузиш, лойиҳалар бажарилишининг муаллифлик назорати;
  • нефт ва газ қудуқларини бурғилаш техникаси ва технологиясини такомиллаштириш бўйича тадқиқотлар олиб бориш;
  • қудуқларда кон-геологик, гидродинамик, газ конденсати тадқиқотларини олиб бориш ва таҳлил қилиш;
  • нефт ва газ объектларида экологик тадқиқотлар олиб бориш;
  • ЎзР нефт-газ соҳаси фаолиятига тегишли илмий рисолалар, соҳа ютуқларини ёритувчи илмий-оммабоп нашрлар, методик қўлланмалар, норматив ва амал қилинадиган ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқиш ҳамда уларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ таҳририй, матбаа ва ноширлик ишлари (хизматлари);
  • геологик-разведка ва бошқа турдаги ишларни бажариш, ускуналар ва асбобларни харид қилиш учун техник-иқтисодий асослаш (дастлабки техник-иқтисодий асослаш), техник-иқтисодий ҳисоблаш (дастлабки техник-иқтисодий ҳисоблаш) ишларини амалга ошириш;
  • нефтгаз саноати соҳасининг ривожига боғлиқ ҳар хил фаолиятлар олиб бориш, натижаларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш.

2.3. Жамият Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

2.4. Махсус рухсатнома (лицензия) билангина бажарилиши мумкин бўлган фаолият учун, тегишли махсус рухсатнома (лицензия) олинганидан сўнг, жамият ушбу фаолиятни амалга оширишга ҳақли.

3-МОДДА.

ЖАМИЯТ УСТАВ ФОНДИНИНГ (УСТАВ КАПИТАЛИНИНГ) МИҚДОРИ

3.1. Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) акциядорлар олган жамият акцияларининг номинал қийматидан ташкил топади. Жамият томонидан чиқариладиган барча акцияларнинг номинал қиймати бир хил бўлиши керак.

3.2. Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) жамият мол-мулкининг жамият кредиторлари манфаатларини кафолатлайдиган энг кам миқдорини белгилайди.

3.3. Жамият оддий акцияларни жойлаштириши шарт, шунингдек имтиёзли акцияларни жойлаштиришга ҳақли. Жойлаштирилган имтиёзли акцияларнинг номинал қиймати жамият устав фондининг (устав капиталининг) йигирма фоизидан ошмаслиги керак.

3.4. Жамият устав фондининг (устав капиталининг) миқдори 1 459 770 000 (бир миллиард тўрт юз эллик тўққиз миллион етти юз етмиш минг) сўмни ташкил қилади ҳамда номинал қиймати 1000 (бир минг) сўм бўлган 1 459 770 (бир миллион тўрт юз эллик тўққиз минг етти юз етмиш) дона эгаси ёзилган оддий хужжатсиз акцияларга бўлинган.

4-МОДДА.

ЖАМИЯТ АКЦИЯЛАРИНИНГ СОНИ, НОМИНАЛ ҚИЙМАТИ, ТУРЛАРИ

4.1. Жамият томонидан 1 459 770 (бир миллион тўрт юз эллик тўққиз минг етти юз етмиш) дона эгаси ёзилган оддий хужжатсиз акциялар чиқарилган ва жойлаштирилган.

4.2. Жамият устав фондини ошириш мақсадида жойлаштирилган акцияларига қўшимча равишда чиқариши мумкин бўлган эълон қилинган акцияларининг сони 5 000 000 (беш миллион) дона эгаси ёзилган оддий хужжатсиз акциялардан иборат.

4.3. Жамият акцияларининг номинал қиймати 1000 (бир минг) сўм.

5-МОДДА.

ЖАМИЯТНИНГ УСТАВ ФОНДИНИ (УСТАВ КАПИТАЛИНИ) КЎПАЙТИРИШ ВА КАМАЙТИРИШ

5.1. Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) акцияларнинг номинал қийматини ошириш ёки қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтирилиши мумкин.

5.2. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) акцияларнинг номинал қийматини ошириш йўли билан кўпайтириш тўғрисидаги ва жамият уставига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарорлар жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан бир овоздан қабул қилинади.

5.3. Қўшимча акциялар мазкур уставда белгиланган эълон қилинган акцияларнинг сони доирасидагина жамият томонидан жойлаштирилиши мумкин.

5.4. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтириш тўғрисидаги қарор жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан бир овоздан қабул қилинади.

5.5. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтириш тўғрисидаги қарорда жойлаштириладиган қўшимча оддий акцияларнинг ва имтиёзли акцияларнинг сони, уларни жойлаштириш муддатлари ва шартлари белгиланган бўлиши керак.

5.6. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтириш жойлаштирилган қўшимча акцияларнинг номинал қиймати миқдорида рўйхатдан ўтказилади. Бунда мазкур уставда кўрсатилган эълон қилинган муайян турдаги акцияларнинг сони ушбу турдаги жойлаштирилган қўшимча акцияларнинг сонига қисқартирилиши керак.

5.7. Жамиятнинг тегишли бошқарув органи томонидан қабул қилинган қўшимча акцияларни чиқариш тўғрисидаги ёки акциянинг номинал қийматини ошириш ҳақидаги қарор жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш тўғрисидаги қарордир.

5.8. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) акцияларнинг номинал қийматини ошириш йўли билан кўпайтириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фақат жамиятнинг ўз капитали ҳисобидан амалга оширилади.

5.9. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтириш жалб қилинган инвестициялар, жамиятнинг ўз капитали ва ҳисобланган дивидендлар ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин.

5.10. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) унинг ўз капитали ҳисобидан қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтиришда бу акциялар барча акциядорлар ўртасида тақсимланади. Бунда ҳар бир акциядорга қайси турдаги акциялар тегишли бўлса, айни ўша турдаги акциялар унга тегишли акциялар сонига мутаносиб равишда тақсимланади. Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) кўпайтирилиши натижасида кўпайтириш суммасининг битта акциянинг номинал қийматига мувофиқлиги таъминланмайдиган бўлса, жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтиришга йўл қўйилмайди.

5.11. Акцияларни жойлаштириш, шу жумладан акциядорлар ўртасида жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилишда акцияларни жойлаштириш (қимматли қоғозларнинг биржа бозорига ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархи жамият кузатув кенгаши томонидан қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг савдо майдончаларида вужудга келаётган нархлар конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

5.12. Жамият акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни очиқ ва ёпиқ обуна воситасида, биржа ва биржадан ташқари бозорларда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жойлаштиришга ҳақли.

5.13. Жамият томонидан акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган, ҳақи пул маблағлари билан тўланадиган эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштиришда овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорлар уларни имтиёзли олиш ҳуқуқига эга. Акциядор, шу жумладан акциядорларнинг умумий йиғилишида қарши овоз берган ёхуд унда иштирок этмаган акциядор акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган эмиссиявий қимматли қоғозларни ўзига тегишли шу турдаги акциялар миқдорига мутаносиб миқдорда имтиёзли олиш ҳуқуқига эга.

5.14. Жамиятнинг акцияларини ва бошқа қимматли қоғозларини жойлаштириш чоғида уларга ҳақ тўлаш пул ва бошқа тўлов воситалари, мол-мулк, шунингдек пулда ифодаланадиган баҳога эга бўлган ҳуқуқлар (шу жумладан мулкий ҳуқуқлар) орқали амалга оширилади. Жамиятни қўшимча акциялари ва бошқа қимматли қоғозларига ҳақ тўлаш тартиби уларни чиқариш тўғрисидаги қарорда белгилаб қўйилади.

5.15. Жамиятнинг қўшимча акцияларига ушбу акцияларни чиқариш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган жойлаштириш муддати ичида ҳақ тўланиши лозим.

5.16. Агар жамиятнинг пулдан ўзга воситалар билан ҳақи тўланаётган акциялари ва бошқа қимматли қоғозларининг номинал қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг икки юз бараваридан кўпни ташкил этса, жамиятнинг акциялари ва бошқа қимматли қоғозларининг ҳақи сифатида киритилаётган мол-мулкнинг пулда ифодаланган баҳоси баҳоловчи ташкилот томонидан чиқарилиши зарур.

5.17. Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) акцияларнинг номинал қийматини камайтириш ёки акцияларнинг умумий сонини қисқартириш йўли билан, шу жумладан акцияларнинг бир қисмини кейинчалик бекор қилган ҳолда жамият томонидан акцияларни олиш йўли билан камайтирилиши мумкин.

5.18. Жамият устав фондини (устав капиталини) камайтиришга, агар бунинг натижасида унинг миқдори жамият устав фондининг (устав капиталининг) жамият уставидаги тегишли ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида аниқланадиган, Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 17-моддасида белгиланган энг кам миқдоридан камайиб кетса, ҳақли эмас.

5.19. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисидаги ва жамият уставига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарорлар акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.

5.20. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинаётганда акциядорларнинг умумий йиғилиши устав фондини (устав капиталини) камайтириш сабабларини кўрсатади ва уни камайтириш тартибини белгилайди.

5.21. Жамият устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай ўз кредиторларини бу ҳақда ёзма шаклда хабардор қилади. Кредиторлар жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида ўзларига билдириш юборилган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай жамиятдан ўз мажбуриятларини муддатидан олдин бажаришини ва устав фонди (устав капитали) камайтирилиши билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини қоплашини талаб қилишга ҳақли.

6-МОДДА.

ЖАМИЯТНИНГ КОРПОРАТИВ ОБЛИГАЦИЯЛАРИ ВА БОШҚА ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРИ

6.1. Жамият корпоратив облигацияларни ва бошқа қимматли қоғозларни чиқаришга ҳамда жойлаштиришга ҳақли.

6.2. Жамиятнинг корпоратив облигациялари жамият акцияларига айирбошланадиган қимматли қоғозлар бўлиши мумкин.

6.3. Жамият мол-мулк билан таъминланган корпоратив облигацияларни уларни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш санасидаги ўз капитали миқдори доирасида чиқаришга ҳақли.

6.4. Жамият томонидан корпоратив облигацияларни чиқариш, шу жумладан акцияларга айирбошланадиган корпоратив облигацияларни чиқариш жамият кузатув кенгашининг қарорига кўра амалга оширилади.

6.5. Жамият томонидан жамият кузатув кенгашининг қарорига кўра акцияларга айирбошланадиган корпоратив облигациялар чиқарилган тақдирда, мазкур қарор жамият кузатув кенгашининг барча аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилиниши керак.

7-МОДДА.

ЖАМИЯТНИНГ ФОНДЛАРИ

7.1. Жамият устав фондининг (устав капиталининг) 15 фоизи миқдорида захира фонди ташкил этилади.

7.2. Жамиятнинг захира фонди мазкур уставда белгиланган миқдорга етгунига қадар соф фойдадан ҳар йилги мажбурий ажратмалар орқали шакллантирилади. Ҳар йилги ажратмаларнинг миқдори мазкур уставда белгиланган миқдорга етгунига қадар соф фойданинг беш фоизидан кам бўлмаслиги керак.

7.3. Жамиятнинг захира фонди фақат қонунчиликда рухсат этилган мақсадларга ишлатилади.

7.4. Жамиятнинг захира фондидан бошқа мақсадлар учун фойдаланиш мумкин эмас.

7.5. Агар захира фонди тўлиқ ёки қисман сарфланса, мажбурий ажратмалар ўтказиш тикланади.

7.6. Жамият қонунчиликда бегиланган тартибда бошқа фондларни ташкил этиш ҳуқуқига эга.

8-МОДДА.

ДИВИДЕНДЛАРНИ ТЎЛАШ

8.1. Жамият молиявий йилнинг биринчи чораги, ярим йиллиги, тўққиз ойи натижаларига кўра ва (ёки) молиявий йил натижаларига кўра жойлаштирилган акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

8.2. Дивидендларни тўлаш муддати шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан олтмиш кундан кеч бўлмаслиги лозим.

9-МОДДА.

ЖАМИЯТ БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ, УЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ ВА ВАКОЛАТЛАРИ

9.1. Акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва ижроия органи (директор) жамиятнинг бошқарув органларидир.

9.2. Акциядорларнинг умумий йиғилиши жамиятнинг юқори бошқарув органидир.

9.3. Акциядорларнинг умумий йиғилишини жамият кузатув кенгашининг раиси, у узрли сабабларга кўра бўлмаган тақдирда эса, жамият кузатув кенгашининг аъзоларидан бири олиб боради.

9.4. Жамият ҳар йили акциядорларнинг умумий йиғилишини (акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишини) ўтказиши шарт.

9.5. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши молия йили тугаганидан кейин олти ойдан кечиктирмай ўтказилади. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида жамиятнинг кузатув кенгашини ва тафтиш комиссиясини сайлаш тўғрисидаги, шунингдек қонун хужжатлари ва мазкур уставга мувофиқ жамиятнинг йиллик ҳисоботи ва бошқа ҳужжатлари кўриб чиқилади.

9.6. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишидан ташқари ўтказиладиган умумий йиғилишлари навбатдан ташқари йиғилишлардир.

9.7. Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш санаси ва тартиби, йиғилиш ўтказилиши ҳақида акциядорларга хабар бериш тартиби, акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик вақтида акциядорларга бериладиган материалларнинг (ахборотнинг) рўйхати жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан белгиланади.

9.8. Акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига қуйидагилар киради:

9.8.1. жамият уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш, жамият уставига жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) акциялар номинал қийматини ошириш йўли билан кўпайтириш тўғрисидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бундан мустасно;

9.8.2. жамиятни қайта ташкил этиш;

9.8.3. жамиятни тугатиш, тугатувчини (тугатиш комиссиясини) тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш;

9.8.4. жамият кузатув кенгашининг сон таркибини белгилаш, уларнинг аъзоларини сайлаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

9.8.5. эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдорини белгилаш;

9.8.6. жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш;

9.8.7. ўз акцияларини олиш;

9.8.8. жамиятнинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш;

9.8.9. жамият тафтиш комиссиясини сайлаш ва унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, шунингдек тафтиш комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;

9.8.10. жамиятнинг йиллик ҳисоботини тасдиқлаш;

9.8.11. жамиятнинг фойдаси ва зарарларини тақсимлаш;

9.8.12. жамият кузатув кенгашининг ва тафтиш комиссиясининг ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан жамиятни бошқаришга доир қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан жамият кузатув кенгашининг ҳисоботларини ва тафтиш комиссиясининг хулосаларини эшитиш;

9.8.13. имтиёзли ҳуқуқни қўлламаслик тўғрисида Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 35-моддасида назарда тутилган қарорни қабул қилиш;

9.8.14. акциядорлар умумий йиғилишининг регламентини тасдиқлаш;

9.8.15. акцияларни майдалаш ва йириклаштириш;

9.8.16. жамият директорига тўланадиган ҳақ ва (ёки) компенсацияларни энг юқори миқдорларини белгилаш;

9.8.17.Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 8 ва 9-бобларида назарда тутилган ҳолларда жамият томонидан битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

9.8.18. мазкур жамият уставига ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш.

9.9. Акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига киритилган масалалар жамиятнинг директори ҳал қилиши учун берилиши мумкин эмас.

9.10. Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинган қарорлар, шунингдек овоз бериш якунлари акциядорлар эътиборига:

  • акциядорлар умумий йиғилиши тугаганидан сўнг эълон қилиш;
  • акциядорлар умумий йиғилиш баённомаси тузилган санадан икки иш куни давомида мухим факт тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш йулллари билан етказилади.

Агар жамият акциялари фонд биржасининг листингига киритилган бўлса жамият фонд биржасининг расмий веб-сайтида тегишли ахборотни эълон қилиши шарт.

9.11. Жамият овоз берувчи акцияларининг ҳаммаси бўлиб камида бир фоизига эгалик қилувчи акциядорлар (акциядор) жамиятнинг молия йили тугаганидан кейин қирқ кундан кечиктирмай акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши кун тартибига масалалар киритишга ҳамда жамият кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига бу органнинг миқдор таркибидан ошмайдиган тарзда номзодлар кўрсатишга ҳақли.

9.12. Акциядорлар (акциядор) жамият кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига ўзлари кўрсатган номзодлар рўйхатига акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисидаги хабар эълон қилинган санадан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай ўзгартиришлар киритишга ҳақли.

9.13. Жамиятнинг кузатув кенгаши жамият фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади.

9.14. Жамият кузатув кенгашининг ваколат доирасига қуйидагилар киради:

9.14.1 жамият фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш;

9.14.2 акциядорларнинг йиллик ва навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақириш, бундан Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни 65-моддасининг ўн биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

9.14.3 акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибини тайёрлаш;

9.14.4 акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жойни белгилаш;

9.14.5 акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши ҳақида хабар қилиш учун жамият акциядорларининг реестрини шакллантириш санасини белгилаш;

9.14.6 Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 59-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган масалаларни акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳал қилиши учун киритиш;

9.14.7 мол-мулкнинг бозор қийматини белгилашни ташкил этиш;

9.14.8 корпоратив маслаҳатчини тайинлаш ва унинг фаолияти тартибини белгиловчи низомни тасдиқлаш;

9.14.9 жамиятнинг йиллик бизнес-режасини тасдиқлаш;

9.14.10 ички аудит хизматини ташкил этиш ва унинг ходимларини тайинлаш, шунингдек ҳар чоракда унинг ҳисоботларини эшитиб бориш;

9.14.11 жамият ижроия органининг фаолиятига дахлдор ҳар қандай ҳужжатлардан эркин фойдаланиш ва жамият кузатув кенгаши зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун бу ҳужжатларни ижроия органидан олиш. Жамият кузатув кенгаши ва унинг аъзолари олинган ҳужжатлардан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши мумкин;

9.14.12 аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисида, аудиторлик ташкилотини ва унинг хизматларига тўланадиган ҳақнинг энг кўп миқдорини белгилаш ҳақида қарор қабул қилиш;

9.14.13 жамиятнинг тафтиш комиссиясига тўланадиган ҳақ ва компенсацияларнинг миқдорлари юзасидан тавсиялар бериш;

9.14.14 дивиденд миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби юзасидан тавсиялар бериш;

9.14.15 жамиятнинг захира фондидан ва бошқа фондларидан фойдаланиш;

9.14.16 жамиятнинг филиалларини ташкил этиш ва ваколатхоналарини очиш;

9.14.17 жамиятнинг шўъба ва тобе хўжалик жамиятларини ташкил этиш;

9.14.18 Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 8 ва 9-бобларида назарда тутилган ҳолларда битимлар тузиш ҳақида қарор қабул қилиш;

9.14.19 жамиятнинг тижорат ва нотижорат ташкилотлардаги иштироки билан боғлиқ битимларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиш;

9.14.20 жамиятнинг корпоратив облигацияларини қайтариб сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

9.14.21 жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш масалаларини, шунингдек жамият уставига жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалаларни ҳал қилиш, жамият уставига жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) қўшимча акцияларни жойлаштириш орқали кўпайтириш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалаларни ҳал қилиш бундан мустасно;

9.14.22 қимматли қоғозлар чиқарилиши тўғрисидаги қарор (акциялар, облигациялар) ва эмиссия рисоласини тасдиқлаш;

9.14.23 қимматли қоғозлар чиқарилиши тўғрисидаги қарорга (акциялар, облигациялар) ва эмиссия рисоласига ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар киритиш ва уларнинг матнини тасдиқлаш;

9.14.24 Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 34-моддасига мувофиқ акцияларни жойлаштириш (қимматли қоғозларнинг биржа бозорига ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархини белгилаш;

9.14.25 жамият томонидан корпоратив облигациялар, шу жумладан акцияларга айирбошланадиган облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;

9.14.26 қимматли қоғозларнинг ҳосилаларини чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;

9.14.27 жамиятнинг ижроия органини тузиш, жамият директорини сайлаш (тайинлаш), унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;

9.14.28 жамиятнинг директорига тўланадиган ҳақ ва компенсациялар миқдорларини белгилаш.

9.15. Жамият кузатув кенгашининг ваколат доирасига Ўзбекистон Республикаси «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни ва мазкур уставга мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш ҳам киритилиши мумкин.

9.16. Жамият кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилган масалалар ҳал қилиш учун жамиятнинг директорига ўтказилиши мумкин эмас.

9.17. Жамият кузатув кенгашининг аъзолари акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан бир йил муддатга сайланади. Жамият кузатув кенгашнинг сон таркиби 7 кишидан иборат.

9.18. Жамиятнинг кузатув кенгаши таркибига сайланган шахслар чекланмаган тарзда қайта сайланиши мумкин.

9.19. Жамият директори жамиятнинг кузатув кенгашига сайланиши мумкин эмас.

9.20. Жамиятда меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахслар жамиятнинг кузатув кенгаши аъзоси бўлиши мумкин эмас.

9.21. Жамиятнинг кузатув кенгаши таркибига сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар мазкур уставда ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган қарорда белгилаб қўйилиши мумкин.

9.22. Жамиятнинг кузатув кенгаши аъзолари сайлови кумулятив овоз бериш орқали амалга оширилади.

9.23. Кумулятив овоз беришда ҳар бир акциядорга тегишли овозлар сони жамиятнинг кузатув кенгашига сайланиши лозим бўлган шахслар сонига кўпайтирилади ва акциядор шу тариқа олинган овозларни битта номзодга тўлиқ беришга ёки икки ва ундан ортиқ номзодлар ўртасида тақсимлашга ҳақли.

9.24. Энг кўп овоз тўплаган номзодлар жамият кузатув кенгашининг таркибига сайланган деб ҳисобланади.

9.25. Жамият кузатув кенгашининг раиси кузатув кенгаши аъзоларининг умумий сонига нисбатан кўпчилик овоз билан, ушбу кенгаш таркибидан кузатув кенгаши аъзолари томонидан сайланади.

9.26. Жамиятнинг кузатув кенгаши ўз раисини кузатув кенгаши аъзоларининг умумий сонига нисбатан кўпчилик овоз билан қайта сайлашга ҳақли.

9.27. Жамият кузатув кенгашининг раиси унинг ишини ташкил этади, кузатув кенгаши мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади, мажлисларда баённома юритилишини ташкил этади, акциядорларнинг умумий йиғилишида раислик қилади.

9.28. Жамият кузатув кенгашининг раиси бўлмаган тақдирда унинг вазифасини кузатув кенгашининг аъзоларидан бири амалга оширади.

9.29. Жамият кузатув кенгашининг мажлиси кузатув кенгашининг раиси томонидан унинг ўз ташаббусига кўра, жамият кузатув кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзосининг, шунингдек директори ва ички аудит ҳизмати бошлиғи талабига кўра чақирилади.

9.30. Жамият кузатув кенгаши мажлислари унинг раиси томонидан ҳар чоракда камида бир марта чақирилади.

9.31. Жамият кузатув кенгашининг мажлисини ўтказиш учун кворум жамият кузатув кенгашига сайланган аъзоларнинг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги керак.

9.32. Кузатув кенгаши аъзоларининг сони мазкур уставда назарда тутилган миқдорнинг етмиш беш фоизидан кам бўлган тақдирда, жамият кузатув кенгашининг янги таркибини сайлаш учун акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириши шарт. Кузатув кенгашининг қолган аъзолари акциядорларнинг бундай навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилишга, шунингдек директорнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда, унинг вазифасини вақтинча бажарувчини тайинлашга ҳақлидир.

9.33. Жамият кузатув кенгашининг мажлисида қарорлар мажлисда ҳозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади, агар қонунчиликда ва мазкур уставда ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса.

9.34. Жамият кузатув кенгашининг мажлисида масалалар ҳал этилаётганда кузатув кенгашининг ҳар бир аъзоси битта овозга эга бўлади.

9.35. Жамият кузатув кенгашининг бир аъзоси ўз овозини кузатув кенгашининг бошқа аъзосига беришига йўл қўйилмайди.

9.36. Жамият кузатув кенгашининг раиси кузатув кенгаш аъзоларининг овози тенг бўлган ҳолларда ҳал қилувчи овозга эга.

9.37. Жамият кузатув кенгашининг мажлисида баённома юритилади. Кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси мажлис ўтказилганидан сўнг ўн кундан кечиктирмай тузилади. Мажлис баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

  • мажлис ўтказилган сана, вақт ва жой;
  • мажлисда ҳозир бўлган шахслар;
  • мажлиснинг кун тартиби;
  • овоз беришга қўйилган масалалар, улар юзасидан ўтказилган овоз бериш якунлари;
  • қабул қилинган қарорлар.

Жамият кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси мажлисда иштирок этаётган жамият кузатув кенгаши аъзолари томонидан имзоланади, улар мажлис баённомаси тўғри расмийлаштирилиши учун жавобгар бўлади.

9.38. Жамият кузатув кенгашининг қарорлари сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) жамият кузатув кенгашининг барча аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилиниши мумкин.

9.39. Жамият кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси имзоланган куни жамиятнинг директорига ижро этиш учун топширилади. Кузатув кенгаши акциядорларнинг умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда мазкур қарор ҳақидаги ахборот жамиятнинг директорига кузатув кенгашининг мажлиси ўтказиладиган куни топширилади.

9.40. Жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилиш яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) томонидан амалга оширилади.

9.41. Жамият директори кузатув кенгаши томонидан бир йил муддатга сайланади (тайинланади).

9.42. Жамият директорининг ваколатига жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилишга доир барча масалалар киради, акциядорлар умумий йиғилишининг ёки кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилган масалалар бундан мустасно.

9.43. Жамиятнинг директори акциядорлар умумий йиғилишининг ва кузатув кенгашининг қарорлари бажарилишини ташкил этади.

9.44. Жамият директорининг ваколатлари (ҳуқуқлари):

9.44.1. жамият номидан ишончномасиз иш юритиш;

9.44.2. жамиятнинг манфаатларини ифодалаш,

9.44.3. жамият номидан ўз ваколатлари доирасида битимлар тузиш;

9.44.4. жамиятнинг филиали таркибида бўлинмасини ташкил этиш;

9.44.5. жамиятнинг филиали ёки ваколатхонаси раҳбари ва бош бухгалтери, ҳамда бўлинмаси бошлиғини тайинлаш;

9.44.6.штатларни тасдиқлаш, жамиятнинг барча ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш;

9.44.7.қонун хужжатлари, мазкур устав, мехнат шартномаси ва жамиятнинг бошқа ички хужжатларида белгиланган бошқа ваколатлар (ҳуқуқлар).

9.45. Жамият директорнинг мажбуриятлари:

9.45.1. жамиятнинг кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси ва жамият аудитори талабига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда жамият хужжатларини тақдим этиш;

9.45.2. жамиятнинг тижорат сирини ташкил этувчи ахборотларни сақлаш;

9.45.3. дивидендлар ҳисобланиши ва тўланиши бўйича акциядорларнинг ҳуқуқларига риоя қилиш;

9.45.4. ўз ваколатлари доирасида жамиятнинг самарали ва барқарор ишлашини таъминлаш;

9.45.5. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ҳамда жамият ички ҳужжатларига риоя қилиш;

9.45.6. қонун хужжатлари, мазкур устав, мехнат шартномаси ва жамиятнинг бошқа ички хужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятлар.

9.46. Жамият директорининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларида, жамиятнинг мазкур уставида, ижро органи тўғрисидаги низомда ва у билан бир йил муддатга тузиладиган шартномада белгиланиб, шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки уни бекор қилиш мумкинлиги тўғрисида ҳар йили қарор қабул қилинади. Шартнома жамият номидан жамият кузатув кенгашининг раиси ёки кузатув кенгаши ваколат берган шахс томонидан имзоланади. Жамият директори билан тузиладиган шартномада унинг жамият фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича мажбуриятлари ҳамда жамиятнинг йиллик бизнес-режасини бажариш қандай бораётганлиги юзасидан акциядорларнинг умумий йиғилиши ва кузатув кенгаши олдида берадиган ҳисоботларининг даврийлиги назарда тутилиши керак.

9.47. Жамиятнинг директорига тўланадиган ҳақ миқдори жамият фаолиятининг самарадорлигига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлади ва шартномада белгиланган бўлиши керак.

9.48. Жамиятнинг директори вазифаларини бошқа ташкилотларнинг бошқарув органларидаги лавозим билан биргаликда эгаллаб туришга фақат жамият кузатув кенгашининг розилиги билан йўл қўйилади.

9.49. Кузатув кенгаши жамиятнинг директори билан тузилган шартномани у шартнома шартларини бузган тақдирда тугатишга (бекор қилишга) ҳақли.

9.50. Жамият кузатув кенгаши жамиятнинг директори билан тузилган шартномани, агар у жамият уставини қўпол тарзда бузса ёки унинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли жамиятга зарар етказилган бўлса, муддатидан илгари тугатиш (бекор қилиш) ҳуқуқига эга.

9.51. Жамият кузатув кенгаши томонидан жамият директорининг ваколатларини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, жамият директори ваколатларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги масала ўша мажлиснинг ўзида ҳал этилиши ёхуд жамият директори вазифасини вақтинча бажарувчи шахсни тайинлаган ҳолда кузатув кенгашининг яқин орадаги мажлисида кўриб чиқиш учун қолдирилиши мумкин.

10-МОДДА.

ЖАМИЯТНИНГ ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

10.1. Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш учун акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан бир йил муддатга 3 аъзодан иборат тафтиш комиссияси сайланади.

10.2. Жамият тафтиш комиссияси аъзоларига доир малака талаблари акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан белгиланади. Айни бир шахс жамиятнинг тафтиш комиссияси таркибига кетма-кет уч мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмас.

10.3. Жамият тафтиш комиссиясининг ваколат доираси қонун хужжатлари ва мазкур устав билан белгиланади.

10.4. Тафтиш комиссиясининг ваколатлари (ҳуқуқлари) ва мажбуриятлари:

  • жамиятнинг ҳар қандай молиявий хужжатларини текшириш;
  • жамиятнинг бошқарув органларидан, унинг бўлинмалари ва хизматларидан, мансабдор шахсларидан, тафтиш комиссия иши учун зарур бўлган ҳужжатларни талаб қилиш ва олиш;
  • молиявий, ҳуқуқий фаолиятда қонунбузарликлар аниқланган ёки жамият манфаатларига таҳдид пайдо бўлган холатларда акциядорлар умумий йиғилишини ёки кузатув кенгашининг мажлисини чақиришни талаб қилиш;
  • жамият акциядорларининг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши, директор эътиборига амалга оширилган тафтиш ва текширишлар натижаларини жамият бошқарув органлари мажлисларида хулосалар, ёзма ҳисоботлар, билдиришномалар, ахборотлар шаклида ўз вақтида етказиш;
  • жамиятнинг йиллик ҳисоботидаги ва йиллик бухгалтерия ҳисоботига киритилган маълумотлар ишончлилиги бўйича бахо бериш;
  • жамиятнинг молиявий холатига таъсир этувчи хавф-хатар ва бошқа вазиятлар олдида жамиятнинг заифлилигига бахо бериш;
  • жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини йил якуни бўйича ёки бошқа давр учун қонунчилик ва жамият уставига мувофиқ шахслар ташабусига кўра тафтиш ўтказиш;
  • тижорат сирини сақлаш, ўз функцияларини бажаришлари пайтида тафтиш комиссияси аъзолари конфиденциал маълумотларга эга бўлганда, ушбу маълумотларни ошкора қилмаслик;
  • Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатлари, мазкур устав ва жамиятнинг ички хужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар (хуқуқлар) ва мажбуриятлар.

10.5. Жамият тафтиш комиссиясининг ёзма талабига кўра жамият ижроия органида мансабни эгаллаб турган шахслар жамиятнинг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни тафтиш комиссиясига тақдим этиши шарт.

10.6. Тафтиш комиссиясининг аъзолари бир вақтнинг ўзида жамият кузатув кенгашининг аъзоси бўлиши, шунингдек жамиятда меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаши мумкин эмас.

10.7. Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш тафтиш комиссиясининг, акциядорлар умумий йиғилишининг, кузатув кенгашининг ташаббусига кўра ёки жамият овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига кўра кузатув кенгашини олдиндан хабардор қилиш йўли билан бир йиллик ёки бошқа давр ичидаги фаолият якунлари бўйича амалга оширилади.

10.8. Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш якунларига кўра жамиятнинг тафтиш комиссияси хулоса тузади, бу хулосада:

  • жамиятнинг ҳисоботларида ва бошқа молиявий ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилигига доир баҳо;
  • бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тақдим этиш тартиби бузилганлиги, шунингдек молия-хўжалик фаолияти амалга оширилаётганда қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги ахборот кўрсатилиши шарт.

10.9. Тафтиш комиссияси жамиятда аффилланган шахслар билан тузилган битимлар ёки йирик битимлар мавжудлиги, шунингдек қонун ҳужжатларининг ва жамият ички ҳужжатларининг бундай битимларни тузишга доир талабларига риоя қилиниши тўғрисидаги хулосани ҳар чоракда жамият кузатув кенгашининг мажлисига олиб чиқади. Ушбу уставнинг 10.8. бандида кўрсатилган ахборотни ўз ичига олган хулоса акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида эшитилади.

10.10. Жамият активларининг баланс қиймати энг кам иш ҳақи миқдорининг юз минг баробаридан кўп бўлган тақдирда ички аудит хизмати ташкил этилади. Ички аудит хизмати жамиятнинг кузатув кенгашига ҳисобдордир.

10.11. Жамиятнинг ички аудит хизмати жамиятнинг ижроия органи, филиаллари ва ваколатхоналари томонидан қонун ҳужжатларига, жамият уставига ва бошқа ҳужжатларга риоя этилишини, бухгалтерия ҳисобида ва молиявий ҳисоботларда маълумотларнинг тўлиқ ҳамда ишончли тарзда акс эттирилиши таъминланишини, хўжалик операцияларини амалга оширишнинг белгиланган қоидалари ва тартиб-таомилларига риоя этилишини, активларнинг сақланишини, шунингдек жамиятни бошқариш юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилишини текшириш ҳамда мониторинг олиб бориш орқали жамиятнинг ижроия органи, филиаллари ва ваколатхоналари ишини назорат қилади ҳамда баҳолайди.

10.12. Аудиторлик ташкилоти жамият билан тузилган шартномага мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жамият молия-хўжалик фаолиятининг текширилишини амалга оширади ва унга аудиторлик хулосасини тақдим этади.

10.13. Аудиторлик ташкилоти жамиятнинг молиявий ҳисоботи ва молияга доир бошқа ахборот ҳақидаги нотўғри хулосани ўз ичига олган аудиторлик хулосаси тузилганлиги оқибатида етказилган зарар учун жамият олдида жавобгар бўлади.

10.14. Зарур бўлган холларда жамият кузатув кенгашига ҳисобдор бўлган ва корпоратив қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилиш вазифасини бажарувчи жамият корпоратив маслаҳатчиси лавозими жорий этилиши мумкин.

10.15. Жамият корпоратив маслаҳатчисининг фаолияти жамият кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган низом асосида амалга оширилади.

11-МОДДА.

ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

11.1. Акциядорлар умумий йиғилишини чақириш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар амалдаги қонунчилик билан тартибга солинади ва жамиятнинг акциядорлар умумий йиғилиши тўғрисидаги низом билан белгиланади.

11.2. Жамият кузатув кенгаши, ижроия органи ва тафтиш комиссиясининг фаолият кўрсатиш тартиби акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган низомларда белгиланади.

11.3. Жамият акциядорларининг умумий йиғилиши ва ўз ваколатлари доирасида кузатув кенгаши томонидан мазкур уставга киритиладиган барча ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикасининг тегишли давлат органида белгиланган тартибда рўйхатга олинади.

11.4. Жамият уставига киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги устави учинчи шахслар учун улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб, қонунчиликда белгиланган ҳолларда эса давлат рўйхатидан ўтказувчи орган хабардор этилган пайтдан эътиборан кучга киради.

11.5. Агар мазкур уставни бирон бир қоидаси ўз кучини йўқотган бўлса, бу қоида бошқа қоидаларни тўхтатиш учун сабаб бўлмайди.

11.6. Агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик хужжатларида мазкур уставда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик хужжатлари қоидалари қўлланилади.

11.7. Мазкур уставда тартибга солинмаган муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги билан тартибга солинади.

Obuna bo'lish

Diqqat! Agar siz matnda xatoliklarni aniqlasangiz, ularni belgilab, ma'muriyatni xabardor qilish uchun Ctrl+Enter tugmalarini bosing.

ctrl + enter

Aloqalar

Manzil:  100059, Toshkent sh., Shota Rustaveli ko'chasi - 114

Tel.: (99871) 250-92-25

Faks: (99871) 250-92-15

Email: igirnigm@ing.uz

map t