Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз!
- Kushimcha ma`lumotlar:
- Chop etilgan 28.06.2024 12:41
- Kurildi: 751
Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз!
Коррупция бу шундай иллатки давлатнинг бугун ва эртасига, ривожланишига, жамиятдаги ҳар бир фуқарога ўзининг салбий оқибатини кўрсатмасдан қолмайди. Қайсики ташкилотда коррупцияга йўл қуйилса уша ташкилотда ривожланиш ва соғлом рақобат бўлмасдан, ташкилотни инқирозга юз тутишига олиб келади. Бундан ташқари коррупция маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади.
Коррупция ўзи нима? Коррупция шахснинг ўз мансаб ва хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.
Коррупция кўплаб давлатларнинг жиноят ва маъмурий қонунчилиги билан ҳуқуққа қарши ҳаракат сифатида таъқиб қилинади.
Давлатимиз томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Республикамизда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури ишлаб чиқилган. Дастур коррупцияга қарши курашиш соҳасида қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини ва бунга имкон берувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ташкилий чоралар, тадқиқотлар ўтказиш, халқаро ҳамкорлик йўналишлари бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутадиган амалий хужжат хисобланади.
Қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳисобланади.
Баъзи бир ташкилотлардаги айрим шахсларнинг коррупцияга мойиллиги ва фақатгина ўзининг ғаразли мақсадларини ўйлаши оқибатида, уша шахс билан ишлаётган ҳалол ва ўз меҳнат фаолиятига содиқлик билан сидқидилдан хизмат қилиб келаётган ходимларнинг ҳам номига доғ тушишига сабаб бўлиши мумкин.
Шунинг учун, коррупцияни йўқ қилишда барчамиз биргаликда курашиб, уни пайдо бўлишига йўл қуймасдан, ҳуқуқий онгимизни ва маданиятимизни ошириб борсак, унга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантирсак ижобий натижага эришишимиз мумкин.
Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз эканлигини англашимиз, ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз, унинг олдини олиш ва йўқ қилишда ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозимдир.
Институт директори О.А.Қаршиев